Islom Karimov shoh ko'chasi, 49

dgeconomy@tsue.uz

Tadbirkor va tijorat ahli fazilatlari

Аввалги мақоламизда ўқитувчиларнинг маънавияти, мафкураси хақида фикр юритган эдик. Ўқитувчилардан кейин жамиятимизда катта нуфусга, алоҳида эътиборга молик қатлам – бу тадбиркорлар ва тижоратчилардир.

          Юртимизга коронавирус балоси  ёпишиб, минглаб беморлар дард билан олишиб ётган, бот-бот ўлим хабарлари келиб турган таҳликали кунларда бу ҳолатга уларнинг муносабати қандай бўляпти, фуқаролик позициялари қандай кўринишларда намоён бўляпти?

          Улар халқ дардига малҳам бўлиб, ёрдамга шошиляптими, ёки лоқайдлик ботқоғига ботиб ётибдими, ёки вазиятдан фойдаланиб, чўнтак қаппайтиряптими?

          Лев Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” эпопеяси персонажларидан бири ёшгина қиз Наташа Ростова Ватан тақдири учун жон куйдириб, барча бойликларини француз босқинчиларига қарши курашга сарфлаган. Иккинчи жахон уруши даврида минглаб юртдошларимиз авлоддан-авлодга ўтиб келаётган олтин ва бошқа қимматбаҳо бойликларини, молиявий маблағларини хукуматга топшириб, бу пулларга танк қуринг, самолёт қуринг, немис – фашист босқинчиларига қирон келтиринг – деган. Ана сизга эл – юрт  тақдири учун фидокорлик – жонкуярлик намуналари.

          Бугунги кунда тадбиркорларимиз, тижоратчиларимиз ичида шундай фазилатлар соҳиблари борми? Албатта бор. Исми-шарифини ошкор этишни истамаган камтарин бир юртдошимиз хориждан беморларнинг нафас олишини енгиллаштирадиган 20 дона аппаратни ўз ҳисобидан келтириб, беморларга бепул тарқатиб чиқди. Ана бериё саховатпешалик! Матбуотимиз саҳифаларидан бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. 2018 йил ноябрь ойида тиббиёт ходимлари, талабалари ташкил этган “Ezgu Amal” жамғармаси юртдошларимиз, хориждаги ватандошларимиз маблағлари хисобидан бундай аппаратларни кўплаб беморларга етказиб беряпти.

Шундай саҳоватпеша тадбиркорларимиз, тижоратчиларимиз борлигидан кўнглимиз таскин топиб, улардан беҳад миннатдор бўляпмиз. Улар минглаб беморларнинг дардига малҳам бўлиб, қанча – қанча хаётларни сақлаб қолишга ҳисса қўшяптилар.

          Бироқ курмаклар ҳам бор экан. Короновирус дардидан асоратсиз тузалиш учун бемор “Remdesivir” дорисининг бир нечтасини қабул қилиши лозим экан. Бу дори 50-60 долларга келтирилар экан. Уддабурон тадбиркорларимиз “Remdesivir” ни Ҳиндистон ёки Покистонда ишлаб чиқарилганини дастлаб 1600 000, Канадада ишлаб чиқарилганини 2 900 000  сўмдан сотишди. Кейинроқ бозор тўйина бошлагач, нарх 1 миллион сўмгача тушди. Буни улар ишбилармонлик деб билдилар, уларни Хазрат Навоий икки гуруҳга ажратиб берганини ҳаёлларига ҳам келтиришмади.

          Навоийнинг таъбирича, савдогарлар туяларда сахро кезадилар, тоғу – тошлардан ўтадилар, денгиз тўфонлари даҳшатларига дучор бўладилар. Халол ризқ топиш учун кўп машаққатларга бардош берадилар, шахардаги олиб – сотар бўлса, ўзига фойда топиш учун ҳосилнинг камайишини истайди. Халқнинг зарари унга фойда келтиради. У арзон, олиб қимматга сотади. Шойи олаётганда уни бўз деб атайди, бўз сотаётганда уни шойи деб мақтайди. Кашмир докаси ўрнига оддий матони, олтин парча деб арзимас матохни тиқиштиради. Юртма – юрт кезувчи савдогар – эркак, жойида олиб сотувчи – уй бекаси, ёки аниқроғи:  савдогар – сафардаги лашкар жангчиси, олиб сотар эса унинг хотини деб таърифлаган. Ота – бувамиздан қолган бу одобни билмаган тадбиркорлар бу дунёда хотинларнинг ишини қилиб, охиратда ўзини дўзах азобига қўйяпти.

          Халифа Умар ибн Хаттоб “Динда фақих бўлмаган кишилар бозорларимизда савдо қилмасин деган”. Ўзи бу талабга қатъий амал қилган. Ривоятларда келишича, Хазрат Умар саҳобалардан бирига икки хил матолар бериб, уларни Хижоз бозорида икки хил нархда сотиб келишни буюради. Сахоба матоларни бир нархда – юқори нархда сотиб келади. Хазрат Умар “Савдога харом аралашибди” деб, барча тушумни мухтожларга садақа қилиб юборади. Шариат бўйича сотилаётган молнинг таннархи устига 10 фоиз фойда қўйиш мумкин. Хозирги амалиётда бу 20  фоиз.

          Тадбиркорларимиз 20 фоиз фойда билан ўз нафсларини қондириб, фойданинг қолган қисмидан беморлар фойдасига воз кечиши лозим эмас-ми? Ана шунда айрим қўли қисқароқ беморларимиз ҳам улардан баҳраманд бўларди. Саҳоват ана қаерда? Аллоҳнинг розилиги мана қаерда?

          Ўзбекистонда аҳолини дори-дармонлар билан таъминловчи тижорат фирмаларимиз кўп. Улар ўз фойдаларини 20 фоиздан оширмасликка аҳду – паймон қилишлари лозим. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу масалада ташаббус кўрсатиши шарт.

          Юқорида дори – дармон бозори аҳволини баҳоли қудрат таҳлил қилдик. Навбат озиқ-овқат махсулотлари бозорига.

          Болалигим ўтган ота ховлимизда 4 туп “оқ-аччиқ” олма дарахтлари бўларди. Эрта ёз пишар эди. Кечқурун 2 челак олма териб, азонда, “Бешёғоч” бозорига олиб чиқиб сотар эдим,. Арзимаган 15-20 тийин патта пули тўлар эдим.  Олманинг пулига помидор, бодринг олар эдим. Хозирги кунда ҳам ховлимда мевали дарахтлар бор. Лекин ёшлигимда қилган ишни қилолмайман, чунки – олиб сотарлар бозорни буткул эгаллаб олган. Улар меваларимни арзонгина сотиб кетишимга йўл қўйишмайди. Бозордан ё хайдаб чиқаради, ёки меваларимни сув текинга ташлаб кетишга мажбур қилиб, уч-тўрт баравар қимматига сотишади. Яна мен бизнесменман деб керилишади. Бундай ишбилармонлардан қутулишнинг иложи борми? Бор ! Бунинг учун барча дехқон бозорларимизда шаҳар аҳолисининг уй хўжалигидан, қишлоқ аҳолисининг томорқасидан чиққан махсулотларини эркин сотиши учун алоҳида павильонлар очиш керак. Павильонларга олиб-сотарнинг соясини ҳам киргизмаслик, бу талабни бажармаган бозор маъмуриятини аёвсиз жазолаш керак. Ана шунда бозорларимизга махсулот етиштирувчининг ўзи сотадиган арзон моллар кириб келади. Нархлар сезиларли даражада пасаяди.

          Юртбошимиз Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимиз иқтисодиётини  бошқаришнинг ноанъанавий идораси – Иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги тузилди. Мақсад – юртимизда камбағалчиликка барҳам бериш. Аҳолини бойитиш учун хукумат катта – катта лойихаларни амалга оширяпти. Ана шундай шароитда меҳнаткаш одам камбағал бўлишга хаққи йўқ.

Ота   – буваларимиздан қолган ақида бор. Маънавий қахатчилик хукмрон бўлган жамиятда иқтисодий фаровонлик бўлмайди. Чунки бундай юртда барака бўлмайди. Маънавиятимиз ва мафкурамизни ўрнига қўйсак, юртимизда камбағалчилик ҳам барҳам топади.

Нуритдин Йўлдошев

     Тошкент давлат иқтисодиёт университети

        “Менежмент” кафедраси мудири,

       иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.

Tavsiya qilamiz

Universitetda Ochiq eshiklar kuni tashkil etildi

2022 yil 31 mart kuni Toshkent davlat iqtisodiyot universiteti Raqamli iqtisodiyot fakulteti hamda Korporativ boshqaruv fakulteti hamkorligida TDIU huzuridagi “Baxmal iqtisodiyot va turizm texnikumi”ning...

Raqamli iqtisodiyot fakulteti “Raqamli iqtisodiyot va axborot texnologiyalari” kafedrasida “Mohir qo‘llar” to‘garagining quyidagi turlari bo’yicha qabul davom etmoqda

Oila milliy qadriyatlar maskani hisoblanishi qizlarni oilaga tayyorlash jarayoni har bir millatning zimmasidagi yukdir.Qizlarimizni oilaga tayyorlash bu katta mas’uliyatli ishdir. Talaba qizlarimiz bilim olish...

Raqamli iqtisodiyot fakulteti “Raqamli iqtisodiyot va axborot texnologiyalari” kafedrasida “Mohir qo‘llar” to‘garagi o‘z faoliyatini boshladi.

Kafedra tо‘garagi: “Mohir qо‘llar” (2021-2022 о‘quv yilida). Tashkil etuvchi mas’ullar: assistent D.M.Yusupova. Kasb- hunar о‘rganish tо‘garagi haftada 2 kun, 3-4soat oralig‘ida. Oila milliy qadriyatlar maskani hisoblanishi...

№ 3(3), iyul-sentabr, 2021 yil

table { font-family: arial, sans-serif; border-collapse: collapse; width: 100%; } .head{ color: #fff; background: blue; } td, th {width: 30%; border: 1px solid #dddddd; text-align:...