Islom Karimov shoh ko'chasi, 49

Davlatning iqtisodiyotni boshqarishga doir vazifalari

Мамлакатимизда 30 йилдан бери шакллантирилаётган бозор муносабатларининг мазмун – моҳиятини тарихда биринчи бўлиб араб олими Абу Зайд Абдураҳмон ибн Мухаммад Ибн Халдун  (1132-1406 йй.) қаламга олган. Унинг фикрича, одамларни моддий неъматлар билан таъминлаш зарурати маданият, илм-фан, сиёсатдан аввал вужудга келади. Иқтисоднинг жамият ҳаётида ўрни бирламчи, маданият, илм-фан, сиёсат иккиламчидир. Шунинг учун ўз тадқиқотини “Муқаддима”, яъни “сўз боши” деб атаган. У бозорга “ҳунармандчилик ишлаб чиқаришини такомиллаштириш ва меҳнат унумдорлигини ошириш омили” деб таъриф берган. Ибн Халдуннинг бу таърифи бизнинг давримизда ҳам тўғри эканлигини ҳаёт кўрсатиб турибди.

XX–асрда хукмрон бўлган собиқ Совет тоталитар иқтисодиётида ҳунармандчилик ишлаб чиқариши қатағон қилинган, иқтисодиётнинг ҳарбий саноатдан бошқа тармоқлари ривожланмаган, мамлакат ғарб мамлакатларидан 50-60 йил орқада қолган.

Иқтисодий тафаккурнинг ривожланиш тарихида Ибн Халдун биринчи бўлиб тарихий жараён ва ижтимоий – иқтисодий ходисаларнинг табиий – илмий босқичларини  белгилаб берган. У ижтимоий турмуш тарзининг табиий                                                                                                                                                                                                                                   шароитга боғлиқлигидан келиб чиқиб, тарихий тараққиётни кўчманчи давр (чорвачилик), ўтлоқ давр (дехқончилик), қишлоқ ҳаёти, шаҳар хаёти босқичларига ажратган.                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                      

             Унинг таълимоти мумтоз сиёсий иқтисод намоёндалари Адам Смит, Давид Рикардо, Уильям Петти концепцияларидан 2-3 аср олдин шаклланган. Академик В.В. Бартольд: “Бу қонунларни биринчи бўлиб, бу йўналишдаги биринчи тажрибалар Европа тилларида пайдо бўлишидан анча аввал тарихий тараққиёт қонунларини аниқлашни мақсад қилиб қўйган араб олими Ибн Халдун белгилаб беришга ҳаракат қилган”, – деб таъкидлаган.

Немис файласуфи К. Брейзиг Ибн Халдун назариясини таърифлаб, унинг тарихий материализмдан устунлигини эътироф этган. Ўзининг Ибн Халдунга берган баҳосини у “Марксча назария иқтисодий жиҳатдан тор, Ибн Халдун назарияси эса тарихий жараённинг ҳаракатлантирувчи кучларига ҳар томонлама кенг ёндашувга асосланган” деб изохлаган.

Ибн Халдун бойликнинг манбалари, айрим шаҳарлар ёки мамлакатлар турмуш даражасининг юксаклиги сабабларини очиб берган. У меҳнатни шаҳарлар бойлигининг манбаи деб ҳисоблаган. Унинг фикрича, меҳнат қанчалик кўп бўлса, турмуш тарзи шунчалик мукаммаллашади. Фаровонлик даражаси меҳнат миқдорига боғлиқлигини Ибн Халдун инглиз мумтоз иқтисодиёт мактабининг илк намоёндаси Уильям Петтидан аввал асослаб берган. Унинг тадқиқотларида даромадларни тақсимлашнинг асосий механизмлари бўлган солиқлар ва баҳолар моҳияти ҳам очиб берилган.

Ҳаддан ташқари солиқлар солиш ва асоссиз мусодара қилиш йўллари билан давлатнинг фуқаролар мулкига кўз олайтиришини у давлат бошқарувининг жиддий қусури деб ҳисоблаган. Ҳуқуқий, иқтисодий, сиёсий ва маънавий-ахлоқий мулоҳазалар асосида у халқни меҳнатдан бездирадиган ва давлатни ҳалокатга олиб келадиган оғир солиқлар солиш сиёсатини қоралаган.  

Аввалги мақолаларимизда Юсуф Хос Хожибнинг хукмдор ва раият ўртасидаги иқтисодий муносабатлар, Хазрат Умар ибн Хаттобнинг ҳалол ва харом савдо, Алишер Навоийнинг савдогар ва олиб сотар ўртасидаги фарқга оид таълимотларидан бир шингил мисоллар келтирган эдик. Ота– боболаримиздан қолган қадриятлар деганда айнан шуларни тушунимиз керак. Албатта қадриятлар фақат иқтисодий илмдан иборат эмас. Энг аввало бу ота – боболаримиз XIV асрдан бери ардоқлаб, эътиқод қилиб келаётган ислом дини. Ислом нурли ҳаётга, илм – маърифатга, яхшиликка ундайди, деб таъкидлаган Юртбошимиз Ш.М.Мирзиёев. Яна бир  қадрият бу–улуғларимиздан қолган гўзал хулқ – атвор ва одоб –ахлоқ намуналари.

Ғарбда иқтисодий қонунларни ифодалаб беришга қаратилган илк асар муаллифи инглиз мумтоз иқтисодчиси ва файласуфи Адам Смит бўлган (1723-1790 йй.). Унинг “Халқларнинг бойликлари табиати ва сабаблари ҳақидаги тадқиқот” номли асари 1776  йилда чоп этилган.

Адам Смит тадқиқотлари асосида жамиятда табиат қонунлари каби амал қиладиган, унинг ривожини белгилайдиган иқтисодий қонунлар ётади. У табиий уйғунлик, табиий мувозанат давлат аралашувисиз, стихияли равишда иқтисодиётда амал қилади деб ҳисоблаган. Унинг фикрича, меҳнат тақсимоти шароитида ўзининг манфаатларини кўзловчи хар бир одам аслида ўзгаларга ёрдам беради ва “миллат бойлик”ни оширади. Эртанги кунга ишончини у нонвой, этикдўз, кўмирчи ва бошқалар унга яхшилик тилашлари билан эмас, балки, энг аввало ўзларига яхшилик тилашлари ва бу билан жамият фаровонлигига хизмат қилишлари билан изоҳлаган. Адам Смит бу асарида инглиз мумтоз иқтисодиёт мактабининг У. Петти (1623-1687 йй.) бошлаб берган бир асрлик тадқиқотлар натижаларини умумлаштирган. У. Петти “бойликнинг отаси ва фаол тамойили меҳнат, онаси – ер” деган.

Америка иқтисодчиси Ростоу Уолт Уитмен (1916 йилда туғилган) ўзининг иқтисодий ўсиш босқичлари назарияси билан танилган. Ушбу назария марксистик ижтимоий – иқтисодий формациялар концепциясига қарши қўйилган. Ростоунинг фикрича, ҳар бир жамият тараққиёти беш босқичдан ўтади. Бу босқичлар қуйидагилардан иборат: анъанавий жамият, сакраш учун шарт-шароитларнинг етилиши, ўз-ўзини қувватловчи ўсишга сакраш; технологик етукликка ўтиш, оммавий истеъмол даври. Ростоунинг фикрича, барча ривожланган мамлакатлар ўзини-ўзи қувватловчи ўсишга сакраш босқичидан ўтган. Ривожланаётган мамлакатлар эса анъанавий жамият босқичида ёки сакраш учун шарт-шароитлар етилиши босқичида турибди. Сакрашга ўтиш учун улар маълум шартларни бажариши лозим. Мисол учун у Аргентинани келтиради. Бу мамлакат узоқ йиллар давомида (1914 йилгача) сакрашга ҳозирланган, Биринчи жаҳон урушидан кейин, 30-йиллардан бошлаб иқтисодий ўсиш даври бошланди, деган хулосага келган.

Ҳақиқатан ҳам Аргентина 60-йилларгача муваффақиятли ривожланган, бироқ кейинги йилларда унинг ўсиш суръатлари кескин пасайиб, янги босқичга сакрай олмаган. Демак. Ростоунинг ривожланиш босқичлари назарияси ҳаётда тасдиқланмади. Бунинг устига. фикримизча, бу назария бойлик ва қашшоқлик ўртасидаги кескин фарқ сабабларини тўлик очиб беролмайди, чунки технология даражаси қанчалик юқори бўлмасин, ишлаб чиқариш муносабатлари тўғри ташкил қилинмаса, яъни мулкчиликнинг оқилона шакли ва даромадлар тақсимотининг адолатли тизими бўлмаса, жамият аъзоларининг маълум қисми қашшок бўлиб қолаверади.

Ҳозирги даврда дунё иқтисодиётида ҳукмрон назария – бозор иқтисодидир. Унинг тамойилларини асослаб берган илк иқтисодчи олимлардан бири Фридрих Хайекдир (1899- 1996 йй.). Ф. Хайек ўзининг асосий асари бўлган “Крепостной ҳуқук томон орқага” (1945 й.) асарида Австрия, Англия ва АҚШ иқтисодини таҳлил қилиб, “соф бозордан”, “умумий фаровонлик давлати” нинг ижтимоий шаклларига ҳар қандай чекиниш тоталитар давлатга олиб келади, деган хулосага келган. Бу билан у Адам Смитнинг табиий ривожланиш назариясини ёқлаб чиққан.

Ғарбий Германия бозор моделининг муаллифи Людвиг Эрхард ўзининг “Фаровонлик ҳамма учун” номли китобида: “Бозор хўжалигини эркин рақобатдан айириб бўлмайди, шунингдек, у эркин баҳо функциясидан ҳам воз кеча олмайди. Кимки-давлат муассасаларими ёки тадбиркорлик ташкилотларими, бунинг фарқи йўқ, эркин бахо функциясини бекор қилмоқчи бўлса – у рақобатни ўлдиради ва иқтисодни тушовлаб қўяди. Мисол учун картеллар… бозорни, айниқса, баҳоларни чеклаш охир-оқибатда рақобатни чеклаш мақсадини кўзлайди”, деб ёзган эди.

Ф. Хайекнинг танқидчиси бўлган, XX асрнинг энг обрўли иқтисодчиси Джон Мейнард Кейнс (1883-1946 йй.) бозор иқтисоди ўзидан-ўзи барқарор, бир текис ривожлана олмайди, давлат иқтисодиётни тартибга солиб туриши зарур деган назарияни асослаб берди. Ҳозирги даврнинг энг йирик иқтисодчи олимлари – Нордхаус, Самуэльсон, Макконнелл ва бошқа олимлар Кейнс билан ҳамфикрдирлар. “Буюк депрессия”дан кейин 1936 йилда Дж. М. Кейнс “Бандлик, фоиз ва пулларнинг умумий назарияси” асарини эълон қилди. Ушбу асарда Кейнс иқтисодий ривожланишнинг янги йўналишини, иқтисодиётни давлат томонидан бевосита тартибга солиш мумкинлигини назарий жиҳатдан асослаб берди. Унинг асосий қарашларини шундай ифодалаш мумкин: бозор механизмларининг эркин ўйини иқгисодий ўсиш ва тўлиқ бандликни автоматик равишда таъминлай олмайди. Барқарор ривожланишни таъминлаш учун давлат иқтисодиётни тартибга солиб туриши лозим.

Кейнснинг ҳамфикри П. Самуэьлсон ўзининг “Экономикс” дарслигида шундай ёзади: “Тўлиғича, 100 % автоматик равишда ишлайдиган тадбиркорлик тизими ҳеч қачон бўлган эмас. Ҳатто бизнинг капиталистик тизимимизда баҳоларнинг амал қилишини тартибга солишда давлат муҳим ўрин тутади”.

Бозорнинг ўзини-ўзи тартиблаштириш хусусияти уни давлат ва ишлаб чиқарувчилар томонидан тартибга солишни инкор этмайди. П. Самуэльсон ва В. Нордхауснинг фикрича. “масаланинг икки жиҳати бор: бозор ва давлат, улардан бири йўғида иқтисодиётнн бошқариш – бу бир қўл билан чапак чалишга уринишдир”.

1929-1933 йилларда Ғарб мамлакатлари бошидан кечирган “буюк депрессия”дан сабоқ олиб, АҚШ президенти Ф. Рузвельт ўзининг “янги сиёсат”ини эълон қилган. Бу шунчаки янги вазиятга мослашган, фақат инқирозни бартараф этишга қаратилган дастур эмас, балки мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган кенг қамровли сиёсий. ижтимоий, маънавий ва иқтисодий дастур бўлган. Ф. Рузвельтгача АҚШ иқтисоди йирик корчалонлар қўлида бўлиб, улар ҳукуматга бўйсунмас эди. Ҳукумат иқтисодиёт билан шуғулланмас, мулкдорлар ва ёлланма ишчилар даромадлари, турмуш даражалари ўртасидаги фарқ бениҳоя катта бўлган. Бундай кескин тафовут синфий портлашга олиб келиши муқаррар эди. Яқинлашиб келаётган инқилобий тўфоннинг олдини олиш учун Рузвельт иқтисодиёт устидан ҳукумат назоратини ўрнатган, йирик мулкдорлар – саноатчиларга даромад солиқлари даражасини кескин кўтарган, кам таъминланган аҳоли учун ўз бизнесини ташкил этиш учун моддий ёрдам берган. Натижада Америка халқининг иқтисодий ва умуминсоний дунёқараши тубдан ўзгарган.

Ғарбда бозор иқтисоди мулкчилик шаклларини такомиллаштириш, ишчилар синфининг мавқеини ўзгартириш эвазига умумий фаровонликка эришишнинг оқилона йўлларини излаш натижасида вужудга келди. Натижада ишчи ёлланма ишчидан мулкдорга айланди. Ўтган асрнинг 50-йилларида АҚШда Луис Келсо ишлаб чиққан “ЭСОП” дастури бунга туртки бўлди. Бу дастурнинг моҳияти шундан иборатки, корхона эгаси акцияларнинг бир қисмини ўз ишчи ва хизматчиларига сотади, бироқ улар акциялар учун нақд бир цент ҳам тўламаган, корхона даромадларидаги ўз улушларини бўлажак фоиз ҳисобидан олиб, акциялар қийматини қоплаган. Корхона эгаси эса аввалгидан кўпроқ фойда олган.

“ЭСОП” дастури иштирокчилари ўз иш жойларидан ажралиб қолмаслик учун эмас, балки ўз фойдаларини кўпайтириш учун астойдил ишлашади. 70-йилларда АҚШ ҳукумати бу дастурни қўллаб-қувватлаган. Ушбу дастурни рағбатлантиришга қаратилган 70 дан ортиқ федерал қонунлар қабул қилинган. Акцияларини шундай усулда сотган корхоналарга хизмат кўрсатувчи банкларга солиқлар енгиллаштирилган. Шундай қилиб, давлатнинг ўзи дастур иштирокчиларининг кредиторига айланган. 1990-1994 йилларда давлатнинг ушбу дастурга солиқларни енгиллаштириш йўли билан амалга оширган сарф-харажатлари 6 млрд. долларни, ишчи-хизматчилари мулкдорларга айланган корхоналардан солиқ шаклида олган қўшимча даромади 13 млрд. долларни ташкил этган.

“ЭСОП” дастурини амалга ошириш ёлланма меҳнатнинг эмас, балки корхона ишлаб чиқариш фондларида ўз улушига эга бўлган мулкдор меҳнатининг самарадорлигини кўрсатди. У корхоналарга эгаликнинг жамоа шакли ривожланишига кенг йўл очиб берди.

     Шундай қилиб, ўтган асрнинг 60-80 йилларида “мумтоз капитализм” сифат жиҳатдан чуқур ички ўзгаришларни бошидан кечирди. Бу ўзгаришлар Д.Кейнс, Л. Эрхард, У. Ростоу. кейинроқ Л. Келсо асарларида очиб берилди. 70-80 йиллардаги консерватив оқимлар ҳам  глобал тенденцияларни ўзгартира олмади. Масалан, 90-йилларда иқтисодни эркинлаштириш ва хусусийлаштириш билан бирга миллий ва жаҳон иқтисодий жараёнларини тартибга солишда давлат таъсири кучайди. Ижтимоий сиёсат давлатнинг муҳим ички вазифаларидан бирига, таълим, соғлиқни сақлаш, фан ва маданиятни ривожлантириш давлат вазифаларининг алоҳида соҳасига айланди. Давлат бир замонлар Адам Смит айтганидек. фақат “тунги қоровул”, шахс эса аввалгидек “иқтисодий инсон” бўлмай қолди.

          Бундай вазиятда замонавий иқтисодчилар мумтоз иқтисодий назарияларни билиш асосида янги, “бозор иқтисоди” ғоясини илгари суришлари зарур бўлиб қолди. Бозор фақат кучли давлат қонунларга риоя қилиш устидан назорат ўрнатганда ишлайди. Акс ҳолда бозор талончиликка айланади.

Бозор иқтисоди ривожланишнинг идеал модели эмас. Унинг турли кўринишлардаги нуқсонлари бор, чунки бу моделларни инсон яратади. Инсон эса идеал эмас. Идеал бўлмаган инсонлардан ташкил топган жамиятлар ҳам бенуқсон бўла олмайди. Бири кам дунё деб шуни айтади. Бу билан инсоният ожизликка бўйсуниши керак демоқчи эмасмиз. Инсоният доимо етукликка интилиши лозим, инсон ҳаётининг мазмуни шундай бўлиши керак.

Баъзи олимларимиз иқтисодий ўсишга эришиш учун болаларимиз ақлли бўлиши керак, бунинг учун уларга яхши овқат едиришимиз керак, – деган ғояни илгари суряпти. Албатта, инсон танаси ривожланиши, соғлом бўлиши учун меъёрдагидек овқатланиш керак. Бироқ яхши овқатланиш ақлли бўлишга кафолат бермайди. Агар бу назария тўғри бўлганда, егани олдинда, емагани ортида бўлган бойларнинг барча болалари ақлли бўлар эди. Амалда ундай эмас. Ёки аксинча, очликни сезмаслик учун қорнига тош бойлаб юрган Пайғамбаримиз Мухаммад (С.А.В) яхши овқатланмагани учун нодонлар қаторида турарди. Вахоланки, инсоният тарихини ўзгартириб юборган буюк тарихий шахслар рейтингида Мухаммад (С.А.В) биринчи ўринда туради. Оқиллар “кам е, кам ухла, кам гапир” деган Аллох суйган бандасига ақл беради. Хазрати Исо Масих: “Ўликни тирилтиришга кучим етади, аммо ахмоқни тузатишга кучим етмайди” деган.

Юқорида келтирилган умуминсоний қадриятларни, илмий-назарий таълимотларни, амалий натижаларини умумлаштирсак, давлатнинг қуйидаги вазифалари келиб чиқади: бозор иқтисоди барқарор ривожланиши учун давлат уни тартибга солиб туриши, давлат фуқароларнинг мулкка эгалик хуқуқини, хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлаши, тизим яратувчи, стратегик аҳамиятга эга товарларга, хизматларга баҳоларни белгилаб, уларга риоя этишни назорат қилиши, соғлом рақобатнинг чекланишига, монополия ўрнатишга қаратилган уринишларга  йўл қўймаслиги, аҳолининг ёлланиб ишловчилар қатламини  мумкин қадар қисқартириб, уларни мулкдорлар сафига қўшиши, ривожланишнинг истиқболли йўналишларини аниқлаб, ресурсларни уларга сафарбар этиб, оқилона бошқарувни ташкил этиши лозим.

Ана шу вазифаларни бажариш учун кейинги 4 йилда Юртбошимиз Ш.М.Мирзиёев изчиллик билан кенг қамровли ислохотларни амалга оширишда ташаббускор бўляпти. Буни Президент Фармонлари, Қарорлари кўрсатиб турибди. Яқинда, аниқроғи, 27  октябрда Президент  “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислох қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида” Фармон қабул қилди.

Фармонда икки мингдан ортиқ давлат активларига тегишли корхоналарни хусусийлаштиришга доир масалаларнинг ечимлари кўрсатилган. Шундан 470 та корхона ва 15 та кўчмас мулк савдоларга қўйилади, 62 та корхона хусусийлаштиришга тайёрланади, 32 корхона ва тармоқ трансформация қилинади, 507 та бозор фаолияти такомиллаштирилади. Аввалги қарорларда кўрсатилган 386 та объект ва сотиш ваколати хокимларга берилган 559 та объект  савдоларга чиқарилади.

Ушбу қарор ижросини ташкил этиш бўйича 28 октябрда ўтказилган видеоселектр  йиғилишида “– Очиқ айтиш керак: олдин ҳам хусусийлаштириш бўйича кўплаб қарорлар қабул қилинган. Лекин бирорта рахбар пастга тушиб, бу соҳадаги билим ва методикани жойларга етказмагани сабабли кўп корхона ва объектлар сотилмасдан турибди, на давлатга , на тадбиркорларга наф келтиряпти”, – деди Ш.М.Мирзиёев.

Ушбу фармонни барча вилоятлар, туманларда қатъиятлик билан одилона ечимларини топиб, ижро этиш мамлакатимизда мулкдорлар сафини кенгайтириш, янги-янги иш жойларини яратиш, камбағалликни қисқартириш, умумий фаровонликка эришиш имконини беради.

Юртбошимизнинг ташаббуслари билан 2020 йил – илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили деб эълон қилинган. Ривожланишнинг истиқболли йўналиши сифатида иқтисодиётни рақамлаштириш белгиланган. Рақамларсиз  на макон, на замонда  бирор нарсанинг ўрнини аниқлаш ёки жараённинг боришини баҳолаб бўлади. Шунинг учун иқтисодиётни рақамлаштиришга қаратилган кенг қамровли лойиҳалар амалга ошириляпти. Аслида менежер рақамлар оламида яшаши керак, чунки иқтисодиёт рақамсиз бўлиши мумкин эмас, рақамсиз иқтисодиёт хеч қачон кутилган натижани бермаган. Яхши менежер хар бир рақамни гапиртириб, бу рақам остида қандай холат  юзага келганини ўтирган жойида ақли билан “кўриб туриши” лозим.

Бошқарув объекти бўлган компанияда бошқарув тизимининг вертикал чизиғи – таъминот, ишлаб чиқариш, маркетинг, ходимлар, молия каби асосий  хизматлар бўйича рақамлар йиғиндиси бошқарув тизимининг гаризонтал чизиғи – хўжалик юритувчи бирликлар бўйича рақамлар йиғиндисига мос келиши лозим. Бундай мослик бўлмаса – демак, қаердадир хисобот юритилмаган, ёки рақамлар сохталаштирилган бўлади. Бундай вазиятда менежер тўғри қарорга кела олмайди., чунки хар қандай масаланинг тўғри ечимини топиш учун менежерга шу масалага оид тўлиқ ва тўғри, ишончли рақамлар керак.

Бу масалага мамлакат даражасида қарайдиган бўлсак, иқтисодиёт тармоқлари бўйича рақамлар йиғиндиси худудлар бўйича рақамлар йиғиндисига мос бўлиши лозим. Ана шундагина давлат бошқарув идоралари оқилона қарорлар ишлаб чиқиб, юқори самарага эришади.

        Нуритдин Йўлдошев

         Тошкент давлат иқтисодиёт университети

        “Менежмент” кафедраси мудири, иқтисодиёт

фанлари доктори, профессор.

Tavsiya qilamiz

Universitetda Ochiq eshiklar kuni tashkil etildi

2022 yil 31 mart kuni Toshkent davlat iqtisodiyot universiteti Raqamli iqtisodiyot fakulteti hamda Korporativ boshqaruv fakulteti hamkorligida TDIU huzuridagi “Baxmal iqtisodiyot va turizm texnikumi”ning...

Raqamli iqtisodiyot fakulteti “Raqamli iqtisodiyot va axborot texnologiyalari” kafedrasida “Mohir qo‘llar” to‘garagining quyidagi turlari bo’yicha qabul davom etmoqda

Oila milliy qadriyatlar maskani hisoblanishi qizlarni oilaga tayyorlash jarayoni har bir millatning zimmasidagi yukdir.Qizlarimizni oilaga tayyorlash bu katta mas’uliyatli ishdir. Talaba qizlarimiz bilim olish...

Raqamli iqtisodiyot fakulteti “Raqamli iqtisodiyot va axborot texnologiyalari” kafedrasida “Mohir qo‘llar” to‘garagi o‘z faoliyatini boshladi.

Kafedra tо‘garagi: “Mohir qо‘llar” (2021-2022 о‘quv yilida). Tashkil etuvchi mas’ullar: assistent D.M.Yusupova. Kasb- hunar о‘rganish tо‘garagi haftada 2 kun, 3-4soat oralig‘ida. Oila milliy qadriyatlar maskani hisoblanishi...

№ 3(3), iyul-sentabr, 2021 yil

table { font-family: arial, sans-serif; border-collapse: collapse; width: 100%; } .head{ color: #fff; background: blue; } td, th {width: 30%; border: 1px solid #dddddd; text-align:...